Катта меҳнат эвазига етиштирилган ҳосилни кузнинг ёғин-сочинига қолдирмай, тез ва сифатли йиғиб-териб олишда ғўза дефолиацияси пахтакорлар учун энг муҳим тадбирдир.
Муддатида ва сифатли ўтказилган дефолиация ғўза баргларини тўлиқ тўкилишини таъминлайди, қатор ораларидан шамол ўтиши ва кўсакларга қуёш нурининг кўпроқ тушиши натижасида барвақт пишиб етилиши ва очилишига қўшимча имкон яратилади. Пахта қисқа муддатда йиғиб-териб олинади, кейинги йил ҳосили дала ишларини тезлаштиради.
Далани дефолиацияга тайёрлаш. Дефолиациядан олдин дала четлари, суғориш ариқлари ва ўқариқлар ҳамда техника бурилиш майдончалари сифатли текисланади. Дала атрофи 8–12 метр кенгликда десикация қилинади, олинган ғўза туплари дала четига чиқарилади. Майдончалар техника воситалари ёрдамида текисланганда ОВХ агрегатлари бир текис ишлайди, унинг иш унуми ва дефолиация сифати ошади.
Дефолиация самарадорлигига тупроқ намлигининг таъсири катта. Шу сабабли дефолиация даврида тупроқ намлиги чекланган дала нам сиғими (ЧДНС) га нисбатан 60–70% атрофида бўлиши лозим. Агар тупроқ намлиги ЧДНС га нисбатан 60% дан паст бўлса, ўсимликнинг барги ва танасидаги суюқлик концентрацияси ошади, дефолиантларнинг ўсимликка сингиши сусаяди ва самараси пасаяди.
Аксинча, тупроқ намлиги ЧДНС га нисбатан 70 фоиздан ортиқ бўлса, ўсимликда концентрация пасайиб кетиб, дефолиантларнинг таъсири камаяди. Ҳар икки ҳолатда ҳам дефолиантлар ўсимликка регулятор сифатида таъсир этиб, иккиламчи ўсишга олиб келади, кўсакларнинг очилиши сусайиб, ҳосил сифати ва салмоғига путур етади.
Ўта қуруқ тупроқли далалар дефолиациядан 10–12 кун олдин енгил суғорилади. Ҳаво ҳарорати дефолиантлар самарадорлигини белгиловчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Ҳар бир дефолиант ўзининг кимёвий хусусияти ва таъсир этиш хусусиятидан келиб чиқиб, ҳароратга турли даражада талабчан бўлади.
Ўсимликка юмшоқ таъсир этувчи дефолиантлар ҳаво ҳарорати ўртача 22–25 °С бўлганда яхши самара берса, 22°С дан пасайса таъсири камаяди. Ғўза дефолиациясининг самарадорлиги кўп жиҳатдан дефолиация муддати ва меъёрини тўғри белгилашга боғлиқдир.
Дефолиация муддати тупроқ-иқлим шароити, ғўза навларининг биологик хусусияти ва етилганлигига қараб танланади. Бунда, ғўза навларининг биологик хусусиятларига алоҳида эътибор бериш лозим. Чунки, ғўза навларига дефолиантлар турлича таьсир этади. Ўртапишар, барг шапалоғи катта, қалин, сербарг ғўза навлари дефолиантларга кам таъсирчан, тезпишар, барг сатҳи кичик ва юпқа ғўза навлари эса таъсирчан бўлади. Шу боис бундай навларга дефолиантлар меъёри камроқ белгиланиши керак.
Дефолиация самарадорлигига ғўза навларининг биологик етилганлиги ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. Ўрта толали ғўза навларида 45–50%, ингичка толали навларида эса 55–60% кўсаклар очилганда ўсимлик биологик етилган ҳисобланади ва дефолиацияни шундай пайтда ўтказиш юқори самара беради. Кўсакларнинг очилиш даражасини аниқлаш учун ҳар бир даланинг камида 3 жойидан диогонал бўйича ёки 5 жойидан конверт усулида 10 м2 майдон белгиланади. Ушбу майдонларда ҳақиқий кўчат қалинлиги, ҳар тупдаги кўсак сони ва шундан очилган кўсаклар сони аниқланиб, кўсакларнинг ўртача очилиш даражаси ҳисоблаб чиқарилади. Шунга қараб дефолиация муддати ва меъёри белгиланади.
Дефолиантлар меъёрини минтақалар ва ғўза навларининг морфобиологик хусусиятларига кўра, табақалаштириб белгилаш самарадорлигини оширади. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида экиладиган С-4727, Чимбой–5018, Меҳнат, Хоразм–127, Ибрат, Хоразм–150, Омад, Дўстлик–2 ғўза навларига ЎзДЕФ дефолиантини 6,0–7,5 л/га, Супер ХМД-с ни 6,5–8,5 л/га, Садафни 6,5–9,0 л/га, ПолиДЕФни 6,0–7,5 л/га, Авгурон-экстрани 0,080–0,175 л/га ва Бухоро–102 ғўза нави экилган пайкалларда ЎзДЕФ дефолиантини 6,5–7,5 л/га, Супер ХМД-с ни 7,0–9,0 л/га, Садафни 7,5–10,0 л/га, ПолиДЕФни 6,5–8,0 л/га, Авгурон-экстрани 0,100–0,200 л/га меъёрларда қўллаш тавсия этилади.
Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари шароитида Омад, Ан-Боёвут–2, Наманган–77, Султон ғўза навларига ЎзДЕФ дефолиантини 6,0–7,5 л/га, Супер ХМД-с ни 6,5–8,5 л/га, Садафни 6,5–9,0 л/га, ПолиДЕФни 6,0–7,5 л/га, Авгурон-экстрани 0,080–0,175 л/га ва Бухоро–102, Бухоро–8, Бухоро–6, С-6541, Жондор Қудрати ғўза навлари экилган пайкалларда ЎзДЕФ дефолиантини 6,5–7,5 л/га, Супер ХМД-с ни 7,0–9,0 л/га, Садафни 7,0–10,0 л/га, ПолиДЕФни 6,5–8,0 л/га, Авгурон-экстрани 0,100–0,200 л/га меъёрларда қўллаш мақбул ҳисобланади.
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида Бухоро–6, Бухоро–8, Бухоро–102 ғўза навларига ЎзДЕФ дефолиантини 6,5–7,5 л/га, Супер ХМД-с ни 7,0–9,0 л/га, Садафни 7,0–10,0 л/га, ПолиДЕФни 6,5–8,0 л/га, Авгурон-экстрани 0,100–0,200 л/га ва Наманган–77, Султон, Бешқаҳрамон ғўза навлари экилган майдонларда эса ЎзДЕФ дефолиантини 6,0–7,5 л/га, Супер ХМД-с ни 6,5–8,5 л/га, Садафни 6,5–9,0 л/га, ПолиДЕФни 6,0–7,5 л/га, Авгурон-экстрани 0,080–0,175 л/га меъёрларда қўллаш мақсадга мувофиқ.
Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари шароитида С-6524, С-6541 ва Бухоро–102 ғўза навларига ЎзДЕФ дефолиантини 6,5–7,5 л/га, Супер ХМД-с ни 7,0–9,0 л/га, Садафни 7,0–10,0 л/га, ПолиДЕФни 6,5–8,0 л/га, Авгурон-экстрани 0,100–0,200 л/га ва Наманган–77, Ан-Боёвут–2, Гулбаҳор, Султон, Омад, Кўпайсин ғўза навлари экилган майдонларда ЎзДЕФ дефолиантини 6,0–7,5 л/га, Супер ХМД-с ни 6,5–8,5 л/га, Садафни 6,5–9,0 л/га, ПолиДЕФни 6,0–7,5 л/га, Авгурон-экстрани 0,080–0,175 л/га меъёрларда қўллаш тавсия қилинади.
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида С-6524 ғўза навига ЎзДЕФ дефолиантини 6,5–7,5 л/га, Супер ХМД-с ни 7,0–9,0 л/га, Садафни 7,0–10,0 л/га, ПолиДЕФни 6,5–8,0 л/га, Авгурон-экстрани 0,100–0,200 л/га ва Андижон–35, Андижон–36, Ан–16, Наманган–34, Наманган–77, Султон, Омад, ғўза навлари экилган майдонларда ЎзДЕФ дефолиантини 6,0–7,5 л/га, Супер ХМД-с ни 6,5–8,5 л/га, Садафни 6,5–9,0 л/га, ПолиДЕФни 6,0–7,5 л/га, Авгурон-экстрани 0,080–0,175 л/га меъёрларда қўллаш тавсия қилинади.
Дефолиацияни ўтказишга қўйиладиган талаблардан бири-сепиладиган эритмани сифатли тайёрлашдир. Барча турдаги дефолиант эритмасини тайёрловчи марказлашган ҳовузлар ёки метал идишлар қурилади. Улар 3 қисмдан иборат бўлади.
Биринчи қисмида тоза сув идиши туради. Ушбу идиш ёки ҳовуз 4000–5000 литр ҳажмли бўлиб, унда эритма тайёрлаш учун олиб келинган сув бир сутка давомида тиндирилади.
Иккинчи қисмида ҳовуз ёки идишда кунлик ишчи аралашма тайёрланади.
Учинчи қисмида эса тайёр эритма сақланади.
Эритма тайёрлаш мураккаб, ғўзанииг ҳолатига қараб алоҳида тайёрланади. Мутахассислар эритма тайёрлашдан олдин сувга қўшиладиган дефолиант меъёрини ишчиларга аниқлаб беришлари керак. Эритма тайёрланадиган идишда сув меъёрини кўрсатувчи белгилар бўлиши шарт.
Дефолиант сувга қўшилгандан кейин камида бир соат давомида насослар ёрдамида аралаштирилади. Тайёр бўлган аралашма ҳовузга насослар ёрдамида тўлиқ тортиб солинади ва аралаштирилиб турилади. Аралашма автомашина ёки трактор тиркамаларига ўрнатилган цистерналарга солиниб, ОВХ агрегатлари ишлаётган далага олиб борилади. Тиркама цистерналарда ҳам насос ёки механик аралаштиргич бўлиши лозим, акс ҳолда унинг тубида чўкма ҳосил бўлади.
Ғўза дефолиациясини сифатли ўтказиш ташкилотчилик ва уюшқоқликни талаб этади. Энг аввало, ҳар бир ҳудудда дефолиация ўтказиш графиги мутахассислар томонидан ишлаб чиқилади. Бунда кунлик дефолиация майдони, ғўзанинг биологик етилганлиги ёки етилиш ҳолати инобатга олинади.
Дефолиация ўтказувчи ҳар бир гуруҳга энтомолог-агроном, аралашма тайёрлаш марказида 5–6 нафар ишчи, сув ташиш агрегати, камида 2–3 та ОВХ пуркагичи, аралашма ташиш агрегати ва тиббиёт хизмати ходими бириктирилиши керак. Ишчи гуруҳни энтомолог-агроном бошқаради. Унинг тавсиясига кўра, дефолиация ўтказиладиган дала танланиб, дефолиантлар меъёри белгиланади ҳамда ишчи аралашма тайёрланади ва режага мувофиқ ОВХ агрегатлари ва самолётлар ёрдамида сепилади.
Гуруҳ раҳбари ҳар куни эртасига дефолиация қилинадиган пайкалларни оралаб чиқади ва зарур тавсияларни беради. Бунинг учун ишчи гуруҳ тўлиқ шароит ва керакли иш асбоблари билан таъминланган бўлиши керак. Эритмани куннинг салқин пайтида сепилиши мақсадга мувофиқ. Шамол тезлиги 3–5 м/сек ва ундан паст бўлганда дефолиация ўтказиш, шамол тезлиги 5 м/сек ва ундан юқори бўлса дефолиацияни тўхтатиш керак. ОВХ агрегатларини созлаш ва ишлатиш тартиби.
Ғўза дефолиациясини сифатли ўтказиш учун ОВХ-28 агрегатлари соз бўлиши керак. Бунда ҳалқачалар (наконечниклар) майда диаметрли бўлиши, тўнкарилган коса ҳолатида ўрнатилиши, суюқлик 2–4 атмосфера босимда сепилиши, трактор тезлиги ўртача ўсган ғўзаларда 6–7 км/соат, баланд бўйли ғўзаларда 5–6 км/соат бўлиши тавсия этилади. ОВХ саплони ғўза ривожига қараб 1,2–2,0 баландликда, ўқига нисбатан 10–12о ётиқ қилиб ўрнатилиши лозим. Пуркагичнинг бурилиш бурчаги паст бўйли ғўзаларда 180о, ўртача ўсган ғўзаларда 160о ва баланд бўйли ғўзаларда эса 140о бўлиши керак. Тракторларнинг ғилдиракларига ҳимоя воситаси ўрнатилади.
Дефолиация пайтида кўриладиган эҳтиёт чоралар.
1. Дефолиантларни сақлаш, юклаш, тушириш ва ишлатиш билан банд бўлган барча шахслар тиббиёт кўригидан ўтган ва хавфсизлик қоидалари билан таниш бўлишлари шарт.
2. Ишчилар ва тракторчилар шахсий ҳимоя воситалари, қалин матодан тикилган комбинезон, резина қўлқоп, резина этик, респиратор ва ҳимоя кўзойнаги билан таъминланиши керак.
3. Овқатланишдан олдин қўлни, албатта, совунлаб ювиш, ишдан кейин душда чўмилиш, иш кийимларини уй кийимлари билан алмаштириш керак.
4. Иш жойида овқатланиш, сув ичиш ва чекиш қатъий ман қилинади.
5. Бирон бир шахсда заҳарланиш ҳолати сезилганда уни дарров иш жойидан четроққа олиб чиқиб, кийимлари тугмасини ечиш, тоза ҳаводан нафас олдириш зарур. 5–6 стакан илиқ сув ичирилиб, қайт қилдирилади ва тезлик билан шифокорга кўрсатилади.
6. 18 ёшга тўлмаган ўсмирлар, ҳомиладор ва эмизикли аёлларнинг дефолиацияни тайёрлаш ва сепиш ишларида қатнашишларига рухсат этилмайди. Ғўза дефолиацияси тадбирини юқоридаги тавсияларга асосан уюшқоқлик ва тезкорлик билан сифатли ўтказиш ғўза баргларининг 12–15 кун ичида 85–90 фоизининг тўкилиши ва кўсакларининг 90 фоизгача очилишини, биринчи терим салмоғини 15–20 фоизга оширилишини. таъминлайди.
http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/57-1170za-defoliaciyasini-tkazish-buyicha-tavsiyalar.html
|