Республикамизда кўп зарар келтирувчи зараркунандалар ва ўсимлик касалликлари таъсирида, сабзавот ва полиз экинларининг 35-45 фоиз ҳосили камаяди. Шунинг учун уларга қарши кураш тадбирларини ўз вақтида ўтказмоқ зарур.
Зараркунанда ва касалликларга қарши кураш олиб бориш асосан 5 хил усулда ўтказилади.
1. Агротехникавий: ерни сифатли ҳайдаш, экиш, суғориш, чопиқ, озуқа моддаларини бериш, ҳосилни йиғиштириб олиш ишларини ўз вақтида ўтказиш.
2. Биологик усул ёрдамида кураш бунга фойдали кушандаларни қўллаш киради.
3. Кимёвий усулда ҳар-хил пиретроид дорилар зараркунандаларга ва касалликларга қарши қўлланилади.
4.Физик усулда қарши курашишга: қиздириш, куйдириш каби усуллар киради.
5. Механик усулда қарши курашишда ҳашаротлардан колорадо қўнғизи, карам оқ капалагини қўлда терилади.
Кўк қурт тунлами ҳамма турдаги сабзавот, полиз ва картошка экинларини кемириб зарарлайди ва экинлар ола бўлиб қолишига сабаб бўлади.
Бундай ҳолни бартараф этиш учун гектарига 0,5 л. ҳисобида Децис препарати ёки 2 кг Энтобактерин, фойдали кушандалардан 200 минг дона трихограмма уч муддатда қўлланилади: биринчи марта кўк қурт тунламининг капалаклари чиққан вақтда, яъни тухум қўйиш даврида 60 минг ҳисобида, иккинчи маротаба бир ҳафта ўтгач 80 минг ҳисобида, учинчи марта иккинчи қўллашдан 10 кун кейин 60 минг дона ҳисобида қўйилади. Бу усулни кўсак қуртига ва карадринага қарши ҳам қўллаш мумкин.
Колорадо қўнғизи. Картошка, бақлажон, помидор ўсимликларига жиддий зарар етказади. Бу зараркунандага қарши курашда Децис препаратидан гектарига 0,5 литр ёки Каратэ препаратидан 0,350 кг. ёки Суммиалpфадан 0,5 л. ёки Бензофосфатдан 2 кг ёки Данитолдан 1 литр ҳисобида қўллаш мумкин.
Карам куяси, карам оқ капалагига қарши ҳам колорадо қўнғизига қўлланилган препаратларни сепиш мумкин.
Ўргимчаккана - бақлажон, картошка, қовун, тарвуз, бодринг каби экинларга катта зарар етказади. Бу зараркунандага қарши Данитол 1 л/га ёки Неорон 1,5 л/га, Омайт 2 л/га ёки Ниссоран 0,3 - 0,5 л/га ҳисобида пуркаш тавсия қилинади.
Занг кана - очиқ ва ёпиқ майдонларга экиладиган помидорга ҳамда кечки картошкага катта зарар келтиради. У ўсимлик баргларини кесиб, сўриб зарарлайди. Занг канани оддий кўз билан кўриб бўлмайди. Уни фақат микроскоп остида кўриш мумкин, шунинг учун унинг зарари тез билинмайди, натижада помидор ва картошкани барглари тез қуриб қолади. Бу зараркунандага қарши ўргимчакканага қарши қўлланиладиган препаратлардан фойдаланиш мумкин ёки сувда эрувчан 80 фоизли олтингугуртни гектарига 5-7 кг ҳисобидан ишлатиш тавсия қилинади.
Ширалар. Полиз шираси, акация шираси сабзавот, полиз экинларига, карам шираси эса фақат карамга сўриб зарар келтиради. Ширалар ўсимлик баргларининг орқасига, ўсиш нуқтасига жойлашиб, уларни сўриб зарарлайди. Зарарланган ўсимлик ўсишдан, ҳосилдан қолади.
Буларга қарши БИ-58 1-1,5 л/га ёки Нурелл -Д 0,5 л/га, Актеллик 1,5 л/га, Талстар 0,8 л/га ҳисобида қўллаш мумкин.
Ўсимликларни шираларнинг қанотли личинкалари сўриб зарарлайди. Зарарланган ўсимликнинг барглари устида ёпишқоқ ширалар пайдо бўлади. Бу шираларга қора замбуруғлар ёпишиши оқибатида ўсимлик барглари қуриб қолади, натижада ҳосил кескин камаяди. Бу зараркунандаларга қарши Аплоуд препаратидан гектарига 0,5 кг ва Талстар препаратидан 0,8 литр қўшиб пуркалса, оқ қанот ва личинкасига 95-99 фоиз таъсир қилади ёки Трихопорус кушандасидан 1:5 ҳисобида қўллаш мумкин.
Касалликлар. Замбуруғли касалликлар помидорга, қўнғир доғланиш, илдиз чириш, бодринг, қовун, қовоққа ун шудринг, сохта ун шудринг касалликлари зарар келтиради. Бу касалликлар намлик ортган, ҳаво иссиқ бўлган пайтларида кўп зарар келтиради.
Буларга қарши Топсин - М дан гектарига 0,7 га ёки Топаз 0,5 л ёки Сапрол 0,8 л ёки сувда эрувчи 80 фоизли Олтингугуртдан 4 кг ҳисобида пуркаш мумкин.
Вирусли касалликлар Столбур, Стрик, Мозаика касалликлари киради.
Столбур билан касалланган ўсимликларнинг учларидаги барглари майдалашади, гул косачалари бужмайиб, мевалари ноксимон бўлиб қолади. Бу касаллик кўпроқ очиқ ва ёпиқ майдонлардаги помидорда учрайди.
Мозаика билан касалланган помидор, бодринг, қовун ва қовоқларнинг барглари қалинлашиб, тарновсимон ва тез синадиган бўлиб қолади.
Стрик касаллиги кўпроқ помидорда учрайди. Бу касалликка чалинган помидорнинг пояси қотиб қурийди, мевалари эса қотиб ёрилади ва истеъмол учун яроқсиз бўлиб қолади.
Вирус касалликларининг олдини олиш учун помидор уруғлари икки кун 50-55 даража, учинчи куни бир кун (24 соат) 80 даража иссиқликда қиздирилади ва 0,03 фоизли метилцинк ёки марганцовкада 8 соат ивитилиб, сўнг экилади.
Ўсув даврида вирус касалликлари билан касалланган ўсимликлар ҳар-хил микроэлементлар билан яъни марганец, руҳ, цинк, бор, молибден, йод кабилар билан дориланади.
Бактерияли касалликлар билан касалланган экинларда Топсин-М препаратини гектарига 0,7-1,0 кг ҳисобида сарфлаш мумкин.
Юқорида келтирилган препаратлар очиқ майдонларда гектарига 600 л. ёпиқ майдонларда 1 т. сувга аралаштириб сепилади. Пирэтроид ва кимёвий дорилар билан ишлаганда, албатта мутахассис назорати ўрнатилиши зарур.
Рафиқжон ҲАКИМОВ, Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти директори, қ.х.ф. номзоди. http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/172-zararkunandalarga-1179arshi-kurashish-21092014.html
|