Главная » Статьи » Tarix

Аҳмад Дониш ижодида миниатюра

 

 

 

Жаҳон тасвирий санъат хазинасидан муносиб ўрин олган миниатюралар Шарқ халқларининг муштарак бадиий меросидир. У анъанавий китобат санъатининг таркибий қисми бўлиб, қадимги нодир қўлёзмаларни зийнатлаш билан бирга, мазкур асарлардаги илғор инсонпарварлик ғоялари, олийжанобликка бўлган интилиш, гўзаллик тўғрисидаги тасаввурни ифодалашга ҳам хизмат қилган. Турли санъаткорлар – хаттот, рассом, музаххиб, муқовасоз, жадвалкаш ва бошқаларнинг ижодий ҳамкорлигида яратилган нодир қўлёзмалар ўша давр маданий, ижтимоий ҳаётини бадиий-эстетик қарашларини ўрганишда қимматли манбалардан ҳисобланади.

Яқин ва Ўрта Шарқ маданий марказлари бўлмиш Боғдод, Табриз, Самарканд, Бухоро, Хирот, Шероз каби шаҳарларда X-XIX асрлар давомида махсус миниатюра мактаблари алоҳида эътиборга молик бўлган.

Миниатюра нодир қўлёзмалар зийнатлари бўлмиш шамс, зарварак унвон, хошия, накш, лавха, хотима каби безаклар билан умумий услубий уйғунликка эга. Бу китоб зийнатларининг декоратив хусусияти, улар яратилган давр дунёкараши, тафаккур тарзи билан бевосита боғликдир.

Мазкур тасвирий санъат хазинасига ўз ҳиссасини қўшган Аҳмад Дониш ижоди алоҳида ажралиб туради (1827-1894). Маълумки Аҳмад Дониш қатор шарқ адабиёти намуналарига миниатюра ишлаган.

Айнийнинг шоҳидлигича у нафис ҳуснихат билан кўчириб миниатюра билан безаган  “Юсуф ва Зулайхо” қўлёзмаси учун 100 фут берилган, лекин афсуски унинг кўплаб қўлёзмалари бизгача етиб келмаган.

Абурайҳон Беруний номидаги шарқшунослик институтида Бедилнинг қўлёзма шеърий тўпламида Дониш томонидан бажарилган миниатюралар бор. Улар алоҳида қоғозга бажарилган.

Улардан бири “Саҳродаги Мажнун” номи билан биринчи маротаба Г.А Пугаченкова томонидан матбуотда эълон қилиниб, санъатшунослик таҳлили берилди. Афсуски бундан кейинги тадқиқотларда ҳам келтирилган бу миниатюраларга Шарқ классик миниатюрасини сўнаётган шуъласи, классик миниатюрасига тақлид ёки шунга ўхшаган қарашдан нарига ўтилмади.

Ҳолбуки XIX асрнинг иккинчи ярмида XX асрнинг бошларидаги каби сиёсий иқтисодий - ижтимоий ва маданий ўзгаришлар илгариги бирор даврда бу даражада ўзгача аҳамият касб этмаган эди.

Дониш бадиий ижодида оддий ва тушунарли содда тилга интилганига марҳум академик И.М.Мўминов эътибор берган эди. Қатор тадқиқотчилар “соддароқ тушунарли ёзишга интилганини, била-кўра услубни пастлатганини”, халқ образли ва ўткир сўзлиги унсурларидан фойдаланганлигини қайд қилишган эдилар.

Донишнинг поэтик ва прозаси ижодида халқ таъсири муаммоси ўрганилган. Бундай муаммонинг тасвири фаолияти олдига қўйиб ўрганишни биз ўзимизни вазифамиз деб билдик. Энди унинг миниатюралари мисолида шу масалани қараб чиқайлик. “Саҳродаги Мажнун”(ил.I) миниатюрасининг марказида йирик танали дарахт тасвирланган бўлиб, у марказий ўқ вазифасини бажаради. Дарахтнинг ўнг ва чап томонида тоғ, ортида эса кенг чўл бошланади. Чап томонидаги тоғнинг ғорида Мажнун қароргоҳи, унинг олдидаги (қароргоҳда) майдончада эса “девонани” ўзи тасвирланган. Унинг олдида оёғи атрофида шер Мажнун узатган қўлга ҳадиксираб яқинлашаётган қуён ва жайрон ҳаракати бизнинг нигоҳимизни тасвирнинг пастки ўнг қисмида сарбон етаклаб келаётган туя устидаги Лайли томонига қаратади.

Ҳайвонлар орасидаги Мажнуннинг гавдасини эркин ҳаракатини сорбон гавдасини ҳаракати ва жайронинг улар орасидаги чаққон югуриши орқали алоҳида тасвирланган икки гуруҳ жуда оддий тасвирланган. Бу билан бирга жуда кўп Шарқ шоирлари мадҳ этган севишганларнинг айрилиқ ҳижрони руҳи сақланиб қолган. Бунинг учун мусаввир Лайли келаётган пастдаги йўлга паралел яна бир йўлни сал юқорироқда тасвирлайди. Юқоридаги йўл жилға олдига келиб тўхтаб сўнгра кескин Мажнун томон юқорига кўтарилса, Лайли йўли бефарқ ён томонига ўтиб келади. Йўллар ва шилдираб оқаётган ариқчалар севишганларни кескин ажратиб берувчи чегаралардир. Тасвирий лаҳза ҳам уларни бир - биридан узоқлигини бизга етказади, буни Мажнуннинг нигоҳини қуёнга ,Лайлини эса сарбонга қаратилганлиги ҳам кўрсатади. Шу сабабли бир саҳнада тасвирланган бир замон ва бир макондаги Лайли ва Мажнун ҳам бир - бирларига яқин ва чексиз узоқдирлар.

Миниатюра композицияси тинч ҳолат ва ҳаракат қарама-қаршилигига қурилган. Мағрур ўсган якка дарахт, осойишта, табиат ва чуғурлашиб учаётган қушлар, жилғанинг шилдираши табиатни жонлантиришга қараатилган бўлса, тинч ётган шер Мажнун гавдасини мураккаб ва кескин ҳаракати, унинг чўзилган қўлига интилаётган қуённи ҳар лаҳзада ура қочишга тайёрлиги кескин шитоб билан кўчайтирилган жайроннинг чопиши, шилдираб оқаётган жилға ҳаракатга монанд сарбон ва туя ҳаракати, жиддий ўйлаб топилган унсурлардир. Тахтиравон устидаги Лайли гавдаси ҳам туя ҳаракати орқали “жонланган”.

Миниатюра тадқиқотчиларини ҳақли таъкидлаганидек мусаввир табиатни тасвирашда маълум орнаменталликка мойиллиги кўзга ташланади. Бу ҳолни ердаги ўт - ўланларни маълум тартибда жойлашувида, дарахт япроқларини бирма - бир тасвирлашда йўлни шартли ифодалашида кўзга ташланади. Шу билан  бирга мусаввир борлиқни реал тасвирлашга интилиб, ўт - ўланларни маьлум тарибда жойлашувида,  дарахт япроқларни бирма - бир тасвирлашда, йўлни шартли ифодалашида кўзга ташланади. Шу билан бирга мусаввир борлиқни реал тасвирлашга интилиб, ўт-ўлани биздан узоқлашган сари кичрайиб боришини, бизга яқинлашган сари жилғани кенгайганлигини, ер ва осмонни биздан узоқлашган сари ёруғлашганини назардан қочирмай ички сезги билан чизиқли ва фазовий қоидаларга амал қилишга ҳаркат қилади. Бундай ҳаракатни биз классик миниатюраларда учратмаймиз. Классик миниатюраларда XV асрда қарор топган композицион схема такрорланар ва бундай мураккаб композиция тузилиши учрамас эди. Классик миниатюраларда ўтмиш мусаввирлар одатда кишиларни ва воқеаларни “бугунги кун” нуқтаи - назаридан тасвирлашар, меъморлик иншоотлари, кийим - кечак ва бошқа ҳаёт унсурлари мусаввир яшаётган давирдагидек тасвирланади. Бундай қараш ушбу миниатюрада ҳам мавжуд бўлиб, қаҳрамонлар типажида, фуқароча кийимда, Бухоро табиатитга мос манзарада мусавир яшаётган шаҳар кўчаларида ишлатилган, терилган қайроқ тошларда ва бошқа унсурларда кўзга ташланади. Тоғда ғорга кириш жойини мадраса ҳужрасига кирадиган арка тарзида ишлов берилганлиги ва йўлни қайроқ тош билан терилганлиги инсонни она - табиат қўйнидаги фаолиятидан далолатдир. Яна бир муҳим масала - инсон билан табиат мунособатлари миниатюрада ўз аксини топган. Халқ оғзаки ижодининг эртак, ривоятларида табиат жонли тарзда фикрланади  ва инсон билан у ёки бу даражада алоқада бўлади. Бу миниатюрада ҳам Мажнунни ўраб турган табиат “жонли ”, унинг атрофидаги ҳайвонлар билан мулоқот қилади, ғор эса яхши имкониятлари бор уйга ўхшаб кетади. Мажнун атрофидаги ҳайвонлар, хусусан қуён тасвири Хўжа Зайниддин масжидининг иккинчи қаватидаги деворга чизилган қуёнга жуда ўхшаб кетади.

Хўжа Зайниддин масжидидаги тасвирларни халқ тасвирий фольклёри намунаси эканлигини Л.И.Ремпель таъкидлаган эди Халқ тасаввуридаги Лайли ва Мажнун муҳаббати бир шахснинг иккинчи шахсга бўлган муҳаббати эмас, балким, уммуман покиза, ҳижронли, айрилиқ орқали амалга ошадиган муҳаббат рамзидир. Буни яхши ҳис қилган  Дониш халқ тасаввури, тафаккурига  мос тарзда юксак поетик руҳ билан суғорилган образларни яратади. Бунда мусаввирнинг образларини миниатюрада маълум даражада соддалаштириши, сокин ривоят қилиши, батафсиллик орқали, онгли равишда “услубни пасайтирилганлигини” яққол кўрсак бўлади. Юқорида айтилганлардан келиб чиқиб ушбу миниатюрани “Саҳродаги Мажнун” эмас, “Лайли ва Мажнун” деб атасак тўғрироқ бўлади. Чунки навбатдаги миниатюрада Мажнун танҳо тасвирланган бўлиб, ўз номига муносибдир. “Саҳродаги Мажнун” миниатюраси мутлақо ўзгача тасвирга эгадир. Чунки қоғоз фармати бўйига чўзилган бўлиб, қабул нуқтаси жуда юксакликдан олинган. Тасвирнинг учдан икки қисмидан аниқ чизиқ билан чизилган тоғни юқорисида узоқларга нигоҳини қаратганча ўтирган Мажнунни тасвирлайди. Унинг бутун вужуди чап томонда, пастда жойлашган воҳага қаратилганни, чузилган қўли ҳаракати билан кўчайтирган. Харсанг ва буталар орасида ярим ялангоч, озгин гавдани график чизиқ билан тасвирланиши  Мажнунни янада танҳороқ қилиб кўрсатади. У юқорида тасвирланган Мажнундан ёши катта, ички кечилмалари эса чуқур. Мажнун ўтирган тоғдан пастга, чап томондан чўл кенгликлари тўғрида эса мевали боғ.Барқ уриб яшнаётган боғ ортида шаҳар. Шаҳар катта дарвозали, баланд девор билан ўраб олинган. Уни девори узра Ғарб соборини эслатувчи м тасодифий эмаслигига Мажнунни юқорида кўриб чиққан миниатюраларидан ёшини анча катталиги, уни Дониш каби танҳолиги ҳам исботлайди.

Айнийнинг ёзишича Дониш ўз юртини боғ - роғга айлантириш, кўчманчи барханларни тўхтатиш, Амударёдан канал орқали сув  келтириб янги ерлар очиш дастурларини тузган лекин мавжуд тузум ҳукм сурган жамиятда ўз ғояларни амалга ошира олмаслигига кўзи етгач, танҳоликни ёқтириб қолганлигини ёзади. Мана шу айтилганлардан келиб чиқиб бу миниатюрани биографик характерга эга эканлигини ҳам қайт қилиш лозим. Агар биз кўриб чиққан миниатюрада мусаввир Мажнун образи орқали ўз ҳис туйғуларини ифода эттирган бўлса, “Бедил ва Дониш ” миниатюраси XVIII асрда Ҳиндистонда яшаб ижод қилган файласуф ва шоир Абдулқодир Бедил билан XIX асрни иккинчи ярмида яшаб ижод қилган Дониш орасида хаёлий суҳбат тасвирланади. Турли даврда яшаган кишиларни хаёлий суҳбати Шарқ шеъриятида анча кенг (унинг муҳаммас, қасида каби шаклларида) ва миниатюрасида камрок учраб туради. Бу миниатюрада шоир ва мусаввир Донишнинг тасаввури билан ўралган дарахт остига кўчирилган.Улар дарахт остидан оқиб ўтаётган ариқчанинг ики бетига ўрнашиб олишиб, оҳиста суҳбат қуришяпти. Бу суҳбат пайтида Дониш Бедилни суръатини чизиш билан машҳур олдинги режада тасвирланган мусаввир гавдаси юмшоқ ифодали чизиқ билан тевараги чизилган. Унинг гавда ҳолати анча мураккаб - ўнг оёқ тиззадан букилган, чап оёқ эса бутун гавда вазнини эгаллаб турибди. Хусусан уни қоғоз ва мўйқалам ушлаган қўллари ифодалидир. Донишнинг қаршисидаги шер териси устида ўтирган  Бедил тасвирланган. Унинг гавдаси бошнинг хиёл эгилиб бурилганлиги, маъноли қараши мусаввир томонга чўзилган қўли билан ифодали чиққан. Унинг чап қўлида қўлёзма китоб. Шоирнинг икки қўли билан тиззаларини ушлаб ўтириши жуда табиий ва оддий шарқ кишилари ўтириши учун характерлидир. Иккала қаҳрамонни ҳам яланг оёқлиги ҳам маълум маъно англатади.  Бедилни гавдасини тасвирлашда мусаввир унинг ҳажмли чиқиши учун (хусусан чопон енглари, елка қисми) ҳаракат қилган.Мусаввир ва шоир орасидаги боғлиқлиги фақат суҳбат билан эмас бўёқлар орқали амалга оширилган. Шоир қўлидаги китоб бошидаги кулоҳ ва кийими ранглари Дониш кийими ва кулоҳида такрорланади.Бу яшил, қизил ва қирмизи ранглар табиат тасвирида ҳам устиворлик қилади. Табиатни тасвирлашда мусаввир унинг реал чиқишига, инсон унинг қўйнига уйғун сингиб кетишига интилади. Жумладан дарахт остидаги соя, шоир ортидан бошланадиган чексиз биёбон, эндигина чиқиб кетаётган қуёшнинг зарин нурларини дарахт баргларидаги акси мусаффо баҳор тонгги қайфиятни уйғотади.

Шу билан бирга табиат тасвирида мусаввир фазовий тасвири кенгайганлигини кузатамиз. Дарахт остидаги ер тўқ яшил, охра рангли ер ундан узоқлашган сари ёришиб боради, маълум мутаносибликда жойлаштирилган ўт  - буталар узоқлаш- гани  сари бу узоқликни кўчайтиради. Тўқ кўк рангда тасвирланган осмон ҳам уфққа сариқ ёруғлашиб боради. Композицияда муҳим ўрин эгаллаган дарахт тасвирида ҳам анча ўзгаришлар кўзга ташланади.

“Лайли ва Мажнун” миниатюрасида марказдаги дарахтни хҳар бир барги алоҳида ишланган бўлса бу ерда дарахт барглари умумлаштирилган ҳолда тасвирланган. Қуёшдан тўшаётган ёруғлик ёрдамида барглар ҳажми, ёруғ сариқдан тўқ яшилга ўтиш шу билан ёруғликка соя - ҳамда бўёқлар тусларидан фойдаланишга ҳаракат қилинган. Бу ҳол бугунги кун нуқтаи назаридан қаралганидан анча содда ўринишдек туюлади. Лекин анъанавий миниатюра санъатини заминидан янги имкониятларини излаш, текислик юзасида уч ўлчамли борлиқни ифода эттиришга уриниш ўша даврда катта иш эди. Ҳолбуки бир қатор миниатюра тадқиқотчилари Ғарб уч ўлчамли тасвирий услубидан келиб чиқиб уни баҳолашга ёки миниатюра санъатини барқ урган касаллик даври намуналарига қиёслаб баҳолашган. Дониш эса ўз даврини маҳсули бўлиб, унинг ижодида фаоллашган халқ тафаккурини юзага келган янги тарихий - маданий муҳитнинг таъсири кучлидир. Ушбу  миниатюра билан боғлиқ яна бир хусусият кўзга ташланади.Тасвирдаги Донишнинг бошидаги қизил рангдаги кийим ва орқада тўпланган узун қора сочи бу миниатюрани баъзи манбааларда “Шоир ва Дарвеш” яъни дарвеш деб аталишига асос бўлган бўлиши мумкин. Бизнингча,Чин юртининг мусаввири Моний рассомлик маҳоратининг рамзигина бўлиб қолмай, хусусан Бухорода алоҳида ҳурмат ва меҳрга эга бўлган. Донишнинг яқин шогирди Абдуҳолик Маҳдумнинг ўз тасвирини Моний ишига қиёслагани ҳам бежиз бўлмаса керак.

 

 

 

 

Категория: Tarix | Добавил: azizjon_ibragimov (28.08.2016)
Просмотров: 1184 | Рейтинг: 1.0/1
Всего комментариев: 0
avatar