Главная » Статьи » Tarix

Ўзбек халқининг этногенези.

  Р Е Ж А :

1.Узбек халқининг этник тарихидаги мавжуд муаммолар.

2.Узбек элатининг шаклланиш жараёни  ва унда катнашган асосий  компонентлар.

3.Шаклланган ўзбек элатининг ХШ- ХIV асрлардаги этник таркиби.

Ўзбек халқининг алохида этник жамоа (элат) бўлиб шаклланиш (этногенез) жараёнини ўрганиш тарих фани олдида турган мухим ва долзар, масалалардан бири хисобланади. Бу масала анчадан буён тарихчи  олимларнинг диққат марказида бўлиб келган. Ўзбек халқи ўз мустақиллигига эришгач бу муаммога қизиқиш яна хам кучайди.Кейинги йилларда чиққан илмий монографияларда, мақолаларда ва рисолаларда ўзбек халқининг келиб чиқиши (этногенези) хақида бир қанча теран фикрлар айтилган. Лекин, айрим эълон қилинган ишларда баъзи хатоликларга, ноаниқликларга хам йўл қўйилган. Бу хатоликлар кўпинча муаллифларнинг этнос назариясига эътибор бермасликлари туфайли содир бўлган, албатта. Халқнинг (Этноснинг) келиб чиқишини, унинг илк аждодларини аниқ бир жамоа  (элат) бўлиб шаклланиш жараёнини илмий асосда ўрганиш учун аввало «этногенез» ва этник тарих ибораларини тўғри тушуниб, улар хақида аниқ тасаввурга эга бўлиш керак.Этник тарих—маълум бир халқнинг илк аждодларидан бошланиб, элат шаклланишини, уни тараққий этиш босқичларини ва элатнинг емирилиш ёки ривожланиб, миллат даражасига етишиш даврини ўз ичига олади. Этногенез (этнос-юнон тилида халқ, генез-ҳосил бўлиш, келиб чиқиш) бу янгидан ташкил топган этник жамоа. Илгаридан мавжуд бўлган бир неча этник компонентларни ўзаро яқинлашуви, уларнинг бир-бирига қушилиб, биргаликда тараққий этиб бориши ҳамда шаклланиб бораётган этносга бошқа ердан кўчиб келиб қўшилган компонентларнинг маҳаллий аҳолига қўшилиши, унга аралашиб бориши натижасида вужудга келади. Демак, шаклланадиган янги этносга маълум худудда яшаган халқлар ёки этник гуруҳлардан ташқари, бошқа ҳудудлардан келган этник, антропологик ва маданий жихатдан бир хилда бўлмаган этносларнинг ёки этник гурухларнинг аралашиб, қоришиб кетишидан ҳам элат вужудга келиши мумкин.Янги этноснинг вужудга келиши бир неча этник гурухлар етакчи этнос атрофига жипслашишидан бошланади. Етакчи этнос махаллий халқлар уюшмаси ёки бошқа ердан келиб ўрнашиб қолган этник гурух хам бўлиши мумкин. Етакчи этнос бошқараётган уюшмага кирган этник гурухлар маълум вагқт ичида тили, моддий маданияти, турмуш тарзи, маънавияти билан бир-бирларига яқинлашиб бориши ижобий натижа берса, янги этнос ўзаги ташкил топади.Шу давр ичида бирлашишга мойилликлари бўлган гурухлар сиёсий, иқтисодий ва бошқа сабаблар туфайли бир-бирларига яқинлаша олмасалар этник бирлик элат даражасига етмасдан тарқалиб кетиши хам мумкин. Дунёда мавжуд бўлган халқларнинг барчаси этник гурухларнинг қўшилишидан вужудга келган. Бошқача қилиб айтганда дунёда таркибига ўзга этник гуруҳлар қўшимаган биронта халқ бўлмаса керак. Юқорида тилга олинган этник назарияга асосланиб, биз ўзбек халқини элат бўлиб, маълум тарихий даврда, маълум худудда, махаллий этнослар асосида, турли даврларда келиб қўшилган этник компонентларнинг аралашиб бориши натижасида шаклланган, деб қараймиз. Этнос назариясига риоя қилмаган ёки тушунмаган айрим муаллифлар Ўзбек халқининг этногенезини қадимлаштиришга интилиб, унинг келиб келиб чиқишини милодий асрнинг бошларидан, қадимги хунлардан ёки VI-VIII асрлардаги турк этноси ва туркий қабилалардан бошлайди. Қалам сохибларининг ичида шундай фикрдагилари хам борки, улар ўзбек халқининг шаклланишини Нуҳ пайғамбарнинг ўғли Ёфасдан, Ёфаснинг ўғли Турдан (Туркдан), кейингисининг ўғли Тутақдан бошлайдилар. Кейинги фикр тарафдорлари ўзбек халқининг келиб чиқишини афсоналаштириб юборган.Маълумки, узоқ ўтмишда Хун ва хун таркибидаги барча қабилалар Шимолий Хитойда, Сибирда, Милодий I-II асрларда эса Қозоғистон чўлларида, Қирғизистонда, Шарқий Туркистонда яшаганлар. Булларнинг айрим гурухлари шу асрларда Мовароуннахр ва Хоразм худудларига хам келиб жойлашганлар. Турк хоқонлиги Муғулистон ва Еттисув худудида ( VI аср ўрталарида ) ташкил топган. VI аср охири – VII аср бошларида Турк хоқонликлари Мовароуннахрда, Хоразмда ва Ғарбда –Орол-Каспий денгизи атрофларидаги минтақаларда ўз хукмронликларини ўрнатган эдилар.Турк хоқонликлари даврларида хам икки азим дарё (Аму ва Сирдарё) оралиғига, Хоразм ўлкасига ва уларга туташ минтақаларга туркий халқлар, қабилалар келиб ўрнашган эди. Демак, Мовароуннахр ва Хоразм учун хунлар, турк хоқонликлари даврида келган этнослар бўлиб, булардан ўзбек халқи келиб чиққан, деган фикр туғилади. Шундай бўлиши мумкин эди, қачонки хунлар ёки турк хоқонликлари Мовароуннахрни ва Хоразмни эгаллаганда, бу худудларда, улар келмасдан олдин, ахоли яшамаган бўлса, ёки уларнинг зарбасидан бу ерларда яшаб келган халқлар батамом қириб юборилган бўлса. Тарихда маълумки униси хам, буниси хам бўлмаган.

 Хун қабилалари кириб келган кезларда Мовароуннахр  ва Хоразм худудида хоразмликлар, сўғдийлар, кушонлар, қанғлар ва бир қанча бошқа халқлар яшаганлар. Бу худудларни Турк хоқонлиги эгаллаганда (VI асрнинг иккинчи ярми) хоразмликлар ва сўғдийлар қаторида кидаритлар, хионитлар, эфталитлар ва бошқа халқлар хам бўлган.Турк хоқонлиги хукмронликларини ўрнатганда Мовароуннахр ва Хоразм худудидан, хоқонликка итоат этмаган этник гурухларгина чиқиб кетган холос. Ахолининг к°пчилиги ўз ўринларида қолиб бу ерларга янгидан жойлашган туркий халқлар билан бирга бўлган. Демак, икки дарё (Аму ва Сирдарё) оралиғи ва Хоразм ўлкаси қадимдан нуфузли ўлкалар бўлиб, бу худудлар ҳеч вақт аҳолисиз қолмаган.

  Айрим қаламкашларнинг айтганларига риоя қилиб, ўзбек халқининг келиб чиқишини фақат хунларндан ёки VI-VII асрларда келиб ўрнашган туркий халқлардан бошласак, унда ўзбек халқи туб ерли аҳоли асосида эмас, келгинди этник гурухлардан шаклланган бўлиб чиқади. Масалага бу йўсинда қаралса халқимизнинг тарихи ва маданият излари анча саёзлашиб қолади. Хозирги Ўзбекистон худудида қадим-қадимдан яшаб келган, бой тарих ва маданият яратган бизнинг аждодларимиз бўлмай, улар яратган моддий маданият ва маънавиятдан четланиб қолган бўламиз. Бу эса айрим мунофиқларга қўл келиши турган гап.

Биз бу ерда хун ёки бошқа турк этносларининг келиб чиқишини ўрганишдан четлашиб ўтиш керак демоқчи эмасмиз. Аксинча, уларга ахамият бериш керак, чунки уларнинг ўзбек ва бошқа Марказий Осиё халқларнинг этник тарихида, умум туркий дунёсининг вужудга келишида роли бенихоят катта.

Агар биз ўзбек аждодларининг алохида халқ ( элат) бўлиб шаклланиш санасини1X-X деб олсак, унда қадимги элатларни ( хун, турк ва бошқалар) ўзи эмас уларнинг энг кейинги авлодлари ўзбек элатининг ташкил топишида қатнашган компонентлар деб қараш тўғри  бўлади. Бошқача қилиб айтганда, қадимги элатлар тарқалиб, унинг қолдиқлари алохида компонентлар бўлиб, ўзбек халқининг шаклланиш жараёнида қатнашган. Демак, ўзбек элати келиб қўшилган этник элементлардан эмас, махаллий этнослар асосида вужудга келади.

Тарих гувохлик беришича, ўзбек аждодлари Мовароуннахр ва унга туташ бўлган вилоятларда жуда қадим даврлардан буён яшаб келганлар, улар ўзбек элатининг асосини, рамзий маънода, ўқ илдизини ташкил этган. Ён илдизлари ўқ илдизига бириктириб бориши жараёнида ўзбек элати вужудга келган. Мазкур элат махаллий ахоли аждодлари қолдирган бой тарихий меросни, маънавиятни авайлаб сақлайдилар, уни тўлдирадилар ва барча анъаналари билан бирга кейинги авлодга мерос қолдирадилар.

Элат – синфий жамиятга хос этник уюшма. Антик ва феодализм босқичларида Марказий Осиёда бир қанча элатлар ташкил топган: бақтрияликлар, сўғдийлар, хоразмийлар, қанғлар, хунлар ва бошқа элатлар. Илк ўрта асрларда турк элати туркий хоқонликлар таназзулидан кейин ўғуз элати, кимак-қипчоқ элати  ва бошқалар.Бу элатлардан биронтасидан  ўзбек элати униб чиққан эмас. Бошқача қилиб айтганда, тилга олинган элатларнинг биронтаси хам ўзбек элатининг асосий ўзагини ташкил этган эмас. Лекин буларнинг парчаланиб кетгандан кейинги, этник жихатдан бир қанча ўзгарган авлодлари ўзбек элатининг этногенетик жараёнида қатнашганлар.

Элат алохида жамоа бўлиб шаклланишида тараққий этади ва охири таназзулга учраб тарқалиб, йўқолиб кетиши хам табиий холат. Масалан, юқорида эслатилган бақтриялик, хоразмийлар, сўғдийлар, қанғлар, хун элати ва бошқалар. Бу элатларнинг биронтаси ривожланиб миллат даражасигача етиб келган эмас. Фақат илк ўрта асрларда вужудга келган айрим янги элатлар, жумладан ўзбек элати ўрта асрларнинг кейинги босқичларида юз берган барча сиёсий ўзгаришларни кечиб, миллат даражасигача етиб келди.

Ҳар қандай халқ алохида жамоа (элат) бўлиб маълум бир худудда, маълум тарихий даврда, шароитда шаклланади. Ўзбек халқининг аждодлари хам элат бўлиб Мовароуннахр ва Хоразм ҳудудида ҳамда уларга туташ минтақаларда шаклланган. Бу ҳудудларда антик даврларда суғорма ддехқончилик ва ҳунармндчилик билан шуғулланиб келган бақтрияликлар, хоразмликлар, сўғдийлар, фарғоналиклар, шошликлар яшаб келган эдилар. Чўл зоналарида саклар, массагетлар ва бошқа кўчманчи қабилалар жойлашиб, асосан чорвачилик билан шуғулланганлар.

Тарихчи, шарқшунос ва тилшунос мутахассис олимлар (С.П. Толстов, А.Ю. Якубовский, К.В. Тревер, А.А. Фрейман, В.А. Лившид ва бошқалар ) тилга олган халқлар шарқий эрон тилига мансуб этнослар бўлганлигини таъкидлаб ўтган эдилар. Балки шунақадир. Антик даврларда, унинг биринчи яримларида Марказий Осиё минтақаларида туркийзабон этнослар ҳам бўлганлиги эҳтимолдан холи бўлмаса керак. Қадимги юнон ва эрон манбаларида буларни хам эрон тилли қабилалар қаторига қўшиб сак-массагетлар деб қайд қилинган бўлиши мумкин. Сўзсиз бу масалалар чуқур ўрганишни талаб қилади.

Мовароуннахр ва Хоразм минтақаларида туркий қабилалар милоддан олдинги II-I милодий I асрларда келиб ўрнашганлиги хақида аниқ маълумот  Хитой  воқеанависларининг ахборотларида учрайди.

 Милоддан олдинги III асрлларда Сирдарёнинг ўрта оқимларида йирик Қанғ давлати ташкил топади. Бу давлат то V аср ўрталаригача ўз хукмронлигини сақлаб қолади. Милоддан олдинги V-IV асрларда Тангритоғ (Тянь-Шан тоғлари) нинг шимоли –шарқида яшовчи усунларнинг айрим қисмлари, ҳамда шимолий Хитойда, жанубий Сибирда ва Жунғорияда жойлашган хун этник гурухлари кўчиб келиб Қанғ давлати худудларига ўрнашдилар. Сирдарё сохилларида икки тилга (эрон ва турк) мансуб этнослар учрашдилар ва улар бир-бирлари билан яқин иқтисодий ва маданий алоқада бўлиб келдилар. Бу алоқаларнинг тобора ривожланиб, чуқурлашиб бориши натижасида туркийзабон этнослар устиворлик қилиб, янги туркий этнос - қанғлар элати вужудга келди. Шундай қилиб, эрон тилли халқлар (сўғдиёнлар, ассианлар, ослар, саклар ва бошқалар ) билан Сирдарё сохилларига ва Мовароуннахрнинг бошқа минтақаларига, Хоразм ўлкасига келиб жойлашган туркий этнослар билан қўшилиб, қоришиб кетишлари натижасида қанғлар элати шаклланади.

Милоддан олдинги I-II милодий I-II асрларда Сирдарёнинг ўрта оқимида, Зарафшон вохасида дехқончилик, хунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланиб келган ахоли (сўғдийлар, ўтроқлашиб қолган саклар ва бошқалар) маданияти (Яъни туб ерли ахоли маданияти) шу худудларга келиб ўрнашган кўчманчи чорвадор туркий этнослар маданияти ( кўчманчи халқлар маданияти) аралашиб боради. Натижада бир-бирлари билан аралашган қўшма маданият хосил бўлади. Туб ерли ахоли билан кўчманчи қабилаларнинг маданиятининг қўшилиши археологик ашёлар билан хам тасдиқланган; археологлар бу маданиятни қанғуйлар маданияти ёки қовунчи маданияти, деб номлаганлар.

Милодий I-II асрларда Қанғ даввлати жуда катта худудга (Зарафшон вохаси, Қашқадарё, Хоразм, Орол денгизининг жануби-шарқий ва шимолий чўлларидан то Урол тоғолди минтақаларига эгалик қилар эди. Аммо Қанғ давлатининг асосий ери Сирдарёнинг ўрта оқимларига туташган худудлар (Шош вохаси, хозирги Қозоқистон республикасининг Чимкент ва қисман Жамбул вилоятлари) бўлган. Қанғ асосий халқи -- қанғарлар шу даврларда Мовароуннахр ва Хоразм худудларига  бориб ўрнашган хам эдилар.

Сирдарё ўрта оқимида вужудга келган туркийзабон қанғар этноси Марказий Осиёда, жумладан Мовароуннахрда илк антик даврларда яшаган (Бактрияликлар, саклар, тохарлар, сўғдиёналиклар ва бошқалар) халқлар яратган моддий ва маънавиятнинг ворислари бўлган. Шунинг учун бўлса керак, қанғарлар маданиятининг кўп томонлари Мовароуннахр ахолисининг антик даврдаги маданиятига ўхшаб кетади. Айни шу даврларда Ўрта Осиё водий ва вохаларида яшовчи сўғдиёналиклар ва қанғарларнинг ташқи қиёфаларида Помир-Фарғона антропологик типи т°лиқ шаклланган бўлиши керак.

Милодий III-V асрларда Ўрта Осиёнинг марказий вилоятларида жанубий Сибирдан, Жунғориядан, Шарқий Туркистондан айрим қабилалар келиб жойлашган. Хионлар (Хионийлар), кидарийлар, ва эфталий ( абдал) этнослари шулар жумласидандир.Бу этник гурухларнинг келиб чиқиши халигача тўлиқ ойдинлашмаган. Кидарийлар, кўпчилик тадқиқотчиларнинг фикрича эрон тилли халқлар бўлган. Аммо бизда мавжуд тарихий манбалар асосида ишонч билан айтиш мумкинки, Хионийлар ва эфталийлар турк тилли халқлар бўлганлар.

Хитой воқеанависларининг (шахсан Бейшида) ахборотларида «Бир вақтлар Суда (Сўгд-К.Ш.) хокимини ўлдириб Судани эгаллаган эдилар» дейилган. Бейшида қайд этилган бу воқеа милодий IV аср ўрталарига тўғри келади. В.В. Бартольд ва Л.Н. Гумилев Суғдиёнани ва унинг маркази Самарқандни эгаллаган хунлар бўлганлигини таъкидлайдилар. Айни шу вақтларда хионийлар сиёсий майдонга чиқиб, Эрон сосонийлари билан Хуросон чегараларида қаттиқ жанг олиб борадилар.

 IV асрда Мовароуннахр худудида яшовчи йирик туркий этнослардан яна биттаси – эфталийлар (хептал, эптал, абдал) бўлган.

Эфталийлар хам хунлардан ажралиб чиққан йирик этнослардан бири. Буларнинг илк аждодлари Олтой ва Саён тоғолди минтақаларида яшаганлар. Милодий II-III асрларда уларнинг катта бир қисми ғарбга силжиб III аср охири-IV асрда Волга дарё б°йларига, Қора денгиз яқинидаги чўлларга ва Шимолий Кавказ минтақаларига бориб ўрнашган. Ғарбга қараб силжиган хунлар таркибида абдал, эфтал этнонимлари мавжуд эди.

Хунлар ғарбга кўчиш вақтида уларнинг йирик бир гурухи милодий III асрда жанубга, Мовароуннахр худудига келиб ўрнашган бўлиши эҳтимолдан холи бўлмаса керак. Кейинги асрларда (IV-VI) булар икки дарё (Аму ва Сирдарё) оралиғидаги ахолининг катта қисмини ташкил этган. Араб географлари Муқаддасий Йоқут ва Маъсудий, ўзларидан анча олдин ўтган Муаллифларнинг маълумотларига асосланиб, Мовароуннахрнинг шахар ва қишлоқларида яшовчи ахолини кўпчилигини эфталийлар ташкил қилганлигини қайд этган эдилар. Демак, V-VI асрларда эфталий ва хиёнийларнинг асосий қисми турғун яшаган; уларнинг жанговар қисмлари ярим кўчманчи ва ярим ўтроқликда хаёт кечириб, анъанавий чорвачилик билан бир вақтда дехқончилик билан хам шуғулланганлар.

Мовароуннахрнинг сиёсий бошқаруви аввал хионийлар қўлида б°либ, V асрнинг ярмида эса кучайиб қолган эфталийлар қўлига ўтди. Шу аср давомида эфталийлар Сўғдиёнани, Тохаристонни, Шарқий туркистонни ва Сирдарёнинг ўрта оқимларини эгаллайдилар. Марказий Осиёда йирик эфталий давлати вужудга келади. Аммо унинг хукмронлиги узоққа бормайди. VI асрнинг 60-йилларида турк хоқонлиги зарбидан эфталийлар давлати емирилади.

Ўрни келганда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бир қанча тадқиқотчилар эфталийларни туркий халқ эканлигини тан олмасдан келганлар. Бундан мақсад Мовароуннахрнинг асосий халқи ўтмишда эрон тилли бўлганлигини уқдириш эди. Аммо тарихий манбаларни синчиклаб ўрганилганда,  масалага бу йўсинда, бир томонлама ёндашиш хато эканлигини тушуниш мумкин.

Эфталийлар мағлубиятга учрагандан кейин, уларнинг асосий қисми Мовароуннахр ва унга яқин минтақаларда яшаб қолган эдилар. Уларнинг фақат айрим гурухлари ( асосан ярим кўчманчи гурухлар) Афғонистон ва Хиндистон худудига кўчиб ўтган эдилар. Эфталийларнинг баъзи гурухлари тарихчи –географ Гардизийнинг ёзишича Хуросонда хам яшаган. Мовароуннахрда қолган эфталийлар шу худудда яшаётган қанғарлар билан қўшилиб туб ерли туркий забон этник қатламга сингиб кетган. Буларнинг авлодлари ўз этник номларини бизгача сақлаб қолганлар. Ўзбек ва Туркман халқининг таркибида XX аср бошларигача абдал этномини мавжудлиги бунинг далили бўла олади. Абдал этник гурухи бошқирд халқининг ичида хам мавжуд бўлган. Бошқирдлар таркибидаги абдал милодий II-IV асрларда ғарбга силжиб кетган эфталийларнинг  (Абдал) энг кейинги авлодлари бўлиши керак.

Маълумки, VI аср ўрталарида Олтойда, жанубий Сибирда, Еттисувда, Шарқий Туркистонда жойлашган бир неча қабилалар бирлашиши натижасида Турк хоқонлиги ташкил топади. Қисқа вақт ичида Турк хоқонлиги кучайиб Марказий Осиёнинг катта қисмини, жумладан Мовароуннахрни эгаллайдилар. VI асрнинг 80-йилларида Эрон Сосонийлари устидан ғалаба қозониб турк хоқонлиги Хуросон вилоятларининг бир қанча худудларини забт этадилар. Аммо, бу вақтинчалик эди. Эрон билан Турк хоқонликлари ўртасидаги асосий чегара Амударё бўлиб қолган эди. Ғарбда эса турк хоқонлари Волга ва Қора денгиз сохилларига қўшин тортиб бориб, 576 йил Карчь шахрини, 581 йили эса Херсонни ва бошқа бир қанча шахарларни қўлга киритиб, ўз хукмронлигини ўрнатади.

Турк хоқонликлари даврида (VI-VII) Ўрта Осиёнинг марказий минтақаларига ( Тошкент вохаси, Зарафшон , Қашқадарё вохалари, Сурхондарё, Фарғона водийлари ) ва Хоразм заминига туркий қабилалар кўплаб келишади; уларнинг аксарий кўпчилиги шу худудларга турғунлашиб қолганди.

VI-VII асрларда Мовароуннахр ва Хоразм ахолисини қуйидагича тассавур этиш мумкин:  а) қадимдан дехқончилик, хунармандчилик ва тижорат билан шуғулланиб келаётганфорс –эрон тилли сўғдийлар, Хоразмиёлар ва бошқалар; б) дехқончилик, хунарммандчилик ва тижорат билан шуғулланиб келаётган туркийзабон ахоли. Бу ахоли юқорида қайд этганимиздек, ўтроқлашиб қолган қанғарлар, хионийлар, эфталийлар ва Турк хоқонликлари даврида келиб турғунлашиб қолган, бир қанча бошқа қабилалар; в) ярим ўтроқ ва ярим кўчманчи бўлиб яшаётган туркий тилли ва форс-эрон тилли этник гурухлар. Бу гурухлар асосан воха атрофларида, тоғ олди қирларда яшаб дехқончилик билан бир вақтда чорвачилик билан хам шуғулланганлар; г) кўчманчи туркий тилли қабилалар. Булар чўлларда ва тоғ олди районларида яшаб асосан чорвачилик билан шуғулланиб келган.

Юқорида келтирилган Мовароуннахр ва Хоразм ахолиси таркибидан кўриниб турибдики, бу худудларда қадим-қадимдан буён икки тил туркумидаги форс-эрон ва туркий халқлар ёнма-ён аралашиб яшаб келганлар. Булар, асрлар давомида биргаликда шахарлар барпо этганлар, каналлар қазиб сув чиқарганлар, дехқончилик қилганлар, бой маданият яратиб авлодларга қолдирганлар.Шуни хам таъкидлаб ўтиш жоизки, бу икки тил вакиллари асрлар давомида бирга яшаб келишлари натижасида форс-эрон тилли ахолининг айрим гурухлари форс-эрон тилини қабул қилиб сўғдийларга, хоразмийларга ва бошқаларга аралишиб кетганлар. Демак, этносларнинг ўзаро яқинлашиши, аралашиши ва қоришиб бориш жараёни хар икки тил вакиллари орасида кечган.

VIII аср бошларида араблар Мовароуннахр ва Хоразм худудларига бостириб кирган вақтларда, бу худудлардан фақат айрим кўчманчи қабилалар чекиниб кетган бўлиши мумкин. Турғун ва ярим ўтроқ туркийзабон ахоли, сўғдийлар ва Хоразмнинг туб ерли ахолиси ўз ерларида қолиб, араблар, кейинчалик (IX) сомонийлар хукмронлиги остида яшаганлар.VII аср охири – VIII аср бошларида Туркеш хоқонлиги ташкил топади. Турк ва Туркеш хоқонлиги даврларида Еттисувнинг (ҳозирги Қозиғистоннинг жануби-шарқий минтақалари, Қирғизистон худуди) этник таркиби хам бир хилда бўлмаган. Бу худудларда асосан нушиби, туркеш қабила иттифоқлари жойлашган. Буларнинг аксарий кўпчилиги кўчманчи қабилалар бўлиб, чорвачилик билан кун кечирганлар. Еттисувда, Буюк Ипак йўлидаги шахар қўрғонларда дехқончилик, хунармандчилик ва тижорат билан шуғулланиб келган турғун туркийзабон ахоли ва қисман сўғдийлар ва  хар ердан келиб ўрнашиб қолган (кўпинча Хитойдан, Мўғилистондан) халқлар яшаганлар.

Туркеш хоқонлиги даврида Еттисув ахолиси билан Мовароуннахр ахолиси ўртасидаги этник, иқтисодий ва маданий алоқаларда маълум ўзгаришлар бўлган. Айрим жабҳаларда (тижорат, маданият ва маънавиятда) ўзаро яқинлашиш бир мунча ривожланган. Мовароуннахрда қатъийлащиб бораётган ислом дини Сирдарёнинг ўрта оқимларидаги шахар ва қишлоқларга хам таъсир қилган, аммо айрим ноиблар ўртасидаги муносабатлар кескинлашиб Мовароуннахр билан б°лган алоқалар баъзан узилиб хам қолган.

766 й. қарлуқ қабиласи иттифоқи туркешлар устидан ғалаба қозониб Еттисувни батамом эгаллайдилар. 840й. Қарлуқ давлати ташкил топади. Еттисув, Исфожоб ( ҳозирги Чимкент) вилояти, Шош ( Тошкент вилояти), Шарқий Туркистоннинг ғарбий қисми, Фарғонанинг шимолий (тоғли) минтақалари Қарлуқ давлати доирасида бўлган. IX асрнинг иккинчи ярми – X аср давомида Мовароуннахрда Сомонийлар хукмронлик қилар эдилар. Ана шу икки давлат ( Қарлуқ ва Сомонийлар давлати) худудида ўзбек ва тожик авлодлари алохида жамоа-элат бўлиб шаклланадилар.

 Ўзбек элатининг шаклланишида Қарлуқ давлатининг роли бенихоят катта. X аср ўрталаридан бошлаб бу давлат тарихий манбаларда Қорахонийлар давлати номи билан тилга олинади. Қарлуқ хоқонларининг унвонларида Қора (улуғ, буюк маъносида ) атамаси мавжуд б°лганидан, шарқшунос олим В.В. Григорьев қарлуқлар томонидан ташкил этилган давлатни Қорахонийлар давлати деб илмий адабиётларга киргизган. Ҳақиқатда эса Қорахонийлар давлати Қарлуқ давлатининг ўзи унинг давоми бўлган.

Қарлуқларнинг IX-X асрларда эгаллаб турган худудда 20 дан ошиқ катта шахар, жуда кўп қишлоқлар бўлган.Қарлуқлар, «Ҳудуд ал-олам» қўлёзма асарида (X асрда) қайд этилишича, кўп сонли, нуфузли халқ бўлиб бир қисми чорвачилик, бир қисми овчилик ва яна бир бошқа қисми эса ўтроқлашиб,дехқончилик билан шуғулланганлар. Катта худудда қарлуқларнинг ўзларигина яшамай, улар билан бирга бир қанча туркий қабилалар хам аралаш холда яшаб келган. Этносларнинг ичида энг йириги чигил, халач ва лабан бўлиб, булар VIII асрларда Телес қабила иттифоқидан ажралиб чиқиб қарлуқларга қўшилган. Қарлуқлар эгаллаб турган худудда яна турк ва туркеш хоқонликлари таназзулидан кейин шу ерларда қолиб яшаган ношуби, дилу, арғу, туғси, аз, уз, сариқ ва бошқа гурухлар хам мавжуд бўлган.

Қарлуқлар худудидаги шахар ва қишлоқларда дехқончилик, хунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланиб келган турғун ахоли хам салмоқли ўрин эгаллаган. Бу ахолининг асосий қисмини асрлар  давомида ўтроқлашиб қолган туркийзабон ахоли ташкил этган. Буюк Ипак йўлидаги шахар ва қўрғонларда (Исфожоб, Тароз, Боласағун, Суёб, Қошғар, Хўтан ва бош.) туркийзабон ахоли билан биргаликда Сўғдилар (сўғдак) ва бошқа элат вакиллари хам яшаган. Буларнинг кўпчилиги асосан хунарманлчилик ва тижорат ишлари билан шуғулланиб, айрим шахар ва қишлоқларда алахида жамоа бўлиб яшаганлар.

Юқорида тилга олинган минтақаларда яшовчи барча ахоли VIII аср охирларидан (Қарлуқлар Еттисувни эгаллаган санадан бошлаб) то X аср ўрталаригача қарлуқ хоқонлари хукмронлиги остида бўлган.

Ўзбек  аждодлари элат бўлиб шаклланаётган даврларда, унда иштирок этган этносларнинг аксарий қисми Талас, Чу дарё хавзаларида, Сирдарё бўйларида, Шарқий туркистоннинг ғарбий қисмида, Шимолий Фарғонада яшар эдилар. Ўзбек элатининг асосий ўзаги айни шу худудда шакллана бошлаган. Шу ўринда қайд қилиб ўтиш жоизки, ўзбек элатининг шаклланишда бу минтақаларда яшовчи этносларнинг барчаси бир хилда иштирок этмаганлар.

 Қарлуқ давлати худудида яшовчи айрим этник гурухлар, масалан, ёбақу, ёриқ (жориқ) ва бошқа ўзбек элатининг шаклланишида  қатнашмаган бўлиши хам мумкин. Арғу, туғси, бижанак (печенег), теркеш қабилаларининг бир қисми ёки айрим гурухлари қарлуқ хоқонларининг итоатида бўлсалар хамки, ўз қабила тузумини сақлаб, шаклланаётган элатга қўшилмай келар эдилар. Демак, ўзбек элатининг шаклланиб боришида бу худудда жойлашган барча этносларнинг барчаси бир маромда иштирок эта олмаганлар; уларга маълум бир худудда асрлар давомида ёнма-ён яшаб келган (олднлари бошқа тилда сўзлашган бўлсалар хам), турмуш тарзи, анъаналари, маданиятлари билан бир-бирларига яқин бўлган этнослар ёки уларнинг маълум қисми қатнашиши мумкин бўлган.

Этносни шаклланиш жараёни маълум бир давлат худудида ўтиши этногинетик шартлардан бири ҳисобланади.  Аммо илк ўрта асрларда Марказий Осиё шахарлари шароитида қатишган этник элементлар қўшни давлатлар худудида хам яшаб, маълум жаражада этногинетик жараёнда иштирок этганлар. Масалан, шаклланаётган тожик этноси нафақат Сомонийлар ҳукмронлик қилаётган ерларда, балки қарлуқ ва уйғур давлатлари худудида хам яшар эдилар; буларнинг маълум қисми тожик халқининг этногинезида қатнашганлар, айрим қисмлари эса қарлуқ ваг уйғур давлати ичида қолиб, бу ердаги ахолига  қушилиб кетган эдилар.

IX-X асрларда мавжуд бўлган Сомонийлар давлати, гарчи тожик давлати хисобланса хамки, унинг худудида турғун яшовчи туркий тилли ахоли, Мовароуннахрда қадим даврларданоқ ҳосил бўлган туркий қатлам мавжуд эди. VIII-X асрлар давомида бу худудда Сирдарё сохилларидан ва унинг шимолида яшовчи қабилалар вақти- вақти билан келиб ўрнашиши, уларнинг ўртоқлашиши хисобига турғун ахоли сон жихатидан яна хам кўпайиб борган. Воха атрофларида, тоғ олди қирларда ярим ўтроқ ва ярим кўчманчи туркий қабилалар хам жойлашган эди.

Сомонийлар худудида жойлашган туркийзабон ахоли Сирдарёдан шимолдаги қардошлари билан доимо иқтисодий ва маданий алоқада бўлиб келган. Буларнинг ўзаро алоқаларини давом эттиришда Қарлуқ ва Сомонийлар давлатининг чегаралари қатъий тўсиқ бўла олмаган. Соманийлар аввалига кўчманчи ва ярим кўчманчи туркийзабон қабилаларни ўз худудига киргизмаслик учун, вохалар атрофини (Шош, Самарқанд, Бухоро) баланд деворлар билан ўраб (бу деворлар халқ орасида «кампир девор» деб аталган), чегараларда харбий соқчилар қўйганлар. Аммо бу тўсиқлар вақтинчалик тадбир эди холос. Исмоил Сомоний даврида бу тўсиқларнинг ахамияти қомаган эди.

Шуни уқтириб ўтиш жоизки, Сомонийлар худудига келиб ўрнашган туркийзабон этнослар ва айрим кишилар, хўжаликлар, ислом динини қабулқилишлари керак эди; бу Мовароуннахрга келиб ўрнашишнинг асосий шарти эди. Сомонийлар ўз худудларини ёмон ният билан, ёвузлик қилиб бостириб кирувчи кўчманчи қабилалардан химоя қилганлар. Ислом динини қабул қилиб, нажот сўраб ўтлоқ, яйлов, ер сўраб келганлар хеч қандай қаршиликсиз қабул қилинган.

Тожикларнинг айрим гурухлари, юқорида қайд этганимиздек, қарлуқлар ерида хам яшар эдилар. Х асрда буларнинг Тароз, Чу хавзаларидаги шахар ва қишлоқларга, Шарқий Туркистонга кўчиб боришлари яна хам жадаллашган эди. Чунки бу даврда қарлуқ худудида яшовчи ахолининг аксарий қисми мусулмон динини қабул қилиб бўлган эди. Дин пешволарига, Маълумотли кишиларга кенг йўл очилган. Талас, Чу ва Или водийларига бориб ўрнашган тожикларнинг кўпчилиги эса хунармандчилик, савдо-сотиқ ва айрим гурухлар дехқончилик билан хам шуғулланиб келганлар.

Келтирилган маълумотларга асосланиб айтиш мумкинки, тожик ва ўзбек аждодлри қадимда, илк ўрта асрларда ва кейин хам доимо бир худудда бирга аралишиб, ёнма-ён яшаб келганлар. Буларни бир-бирисиз тасаввур қилиб бўлмаган. Шунинг учун хам Махмуд Қошғарий, «Тотсиз турк бўлмас, бошсиз бўрк бўлмас», Яъни тожиксиз турк бўлмаганидек, бош қалпоқсиз (бош кийимсиз) бўлмас деган мақолни келтирган эди. Тот атамаси бу ерда Махмуд Қошғарий форс-тожик тилли ахолига нисбатан қўллаган.

Тожик ва ўзбек аждодларининг илк ўрта асрларда элат бўлиб шаклланиши икки давлат -- Қарлуқ ва Сомонийлар худудида ўтганлиги табиий холат эди албатта. Бу икки халқнинг бу худудда шаклланиши туфайли уларнинг этногенетик тарихининг кўп қирраларида умумийлик хосил бўлган.

Маълумки, ўзбек ва тожик элатлари қадимги этнослардан (сак, массагетлар, бақтрияликлар, юечжи ,тохарлар, сўғдийлар, қанғарлар ва бошқ. халқлардан) томир олганлар. Шунинг учун хам уларнинг маданият ва турмуш тарзларида, урф-одатларида ўхшашликлари кўп бўлган. Шу билан бирга, уларнинг хар бирига хос (бир элатни иккинчисидан фапқини билдирувчи) хусусиятлари – тили , ўзлигини англаши, рухияти ва бошқалар хам мавжуд эди. Бу хусусиятлари билан бир элат иккинчи элатдан ажралиб турган.

Хоразм IX асрнинг иккинчи ярми – Х асрда Сомонийлар давлати тасарруфида бўлган. Лекин Хоразмшохлар давлатида хоразмликларнинг ўзидан чиққан шоҳлар (хоразмшохлар) хукмронлик қилиб келганлар.

Хоразм ярим мустақил давлат бўлса хам ўша даврда иқтисодий ва маданий жихатдан тараққий этган ўлка ҳисобланган. Хоразмнинг турғун ахолисини ўз этник номига (Хоразм – нафақат сиёсий, географик ном, ахолисининг номи хам эди) ва тилига эга эди. Уларнинг қадимги тили Эрон тил гурухи бўлса хам, лекин у тилдан катта фарқ қилган. Қўшни эрон ва туркийзабон ахолидан хоразмликлар моддий маданиятлари (уй-жойлари, кийим бошлари) санъатлари билан фарқ қилганлар.

IX-X асрларда Хоразм ўлкасида турғун яшовчи туркийзабон ахоли (қанғли, бижанак, ўғуз) хам мавжуд бўлган. Аммо булар сон жихатидан туб ерли, Хоразм ахолисидан кам эди. Сўзсиз туркийзабон  этносларнинг таъсирида Хоразм ахолисининг талай қисми (шахсан аланлар) туркийлашиб қолган эди. Лекин Хоразм худудида яшовчи кўчманчи ва ярим кўчманчи туркийзабон ахоли Хоразмнинг турғун ахолисига иқтисодий хамда маданий жихатдан таъсир этишга ожизлик қилар эди. Хоразмликларнинг иқтисодий ва маданий даражаси, онг сезими уларга нисбатан юқори бўлган. Бу ўлкани тарихига оид барча томонларини хисобга олиб, Хоразм ахолиси XII асрлар бошларигача (мўғиллар истилосигача) алохида элат ( хоразм элати) бўлган десак хато бўлмас.

Онг сезими, ўзлигини англаш (албатта ўз даври даражасида) туркийлик (тил жихатдан) тушунчаси IX-X асрларда ўзбек аждодларининг элат бўлиб шаклланган қисмида қатъийлашиб қолган эди, аммо иқтисодий ва маданий тараққиёт (ўзбек аждодларининг элат бўлиб шаклланган қисмида) хали нихоясига етмаган эди. Шу даврларда (IX-X) этногенетик жараёнда қатнашган этник гурухларнинг айримлари кўчманчиликда ва ярим ўтроқликда кун кечириб, чорвачилик билан дехқончилик, хунармандчилик ва тижорат ишлари билан шуғулланиб келганлар. Бу гурухлар ўртасида хали иқтисодий алоқалар етарлик даражада эмас эди. Буларнинг маданий даражасида хам тафавут катта эди. Қарлуқ давлати худудида турли диний эътиқодлар (тангрига сиғиниш, бурхонлик, будда, христианлик ваг бошқ.) мавжуд эди. Илм фан тараққиёти хам етарли даражада ривож топмаган. Қарлуқ - чигил лаҳжаси устиворлик қилиб келаётган бўлса хам, аммо бу лахжа ўзбек элати таркибига кирган барча этник гурухларга сингиб, умум элат тили даражасига кўтарилиш жараёни нихоясига етмаган эди.

Этник жараён охирлаши учун элатни шаклланиш даражасини аниқловчи кўрсаткичлар шу давлат худудида ривожланиб элат ва худуд ичида қатъийлашиб қолиши лозим эди. Бунинг учун маълум вақт керак бўлган.

Х аср ўрталарида Фарғонанинг шимолидаги худудларда, Қошғар яқинида яшовчи қарлуқлар кучайиб, хокимятни ўз қўлларига оладилар. Буларнинг даврида Қорахонийлар (улуғ хонлар) ва фуқаролар ислом динини қабул қиладилар. Бу ислом дини тез вақт ичида Еттисув ва Шарқий Туркистоннинг ғарбий минтақаларига тарқалади. Ислом дини бу худудларга кириб бориши Қорахонийлар бошқараётган худуд билан Мовароуннахр мусулмонлари ўртасида алоқалар кучаяди, илму фан Қарлуқ-Қорахонийлар давлати худудида хам кенг ривожлана боради.

Х асрнинг охирида ички зиддиятлар кучайиб Сомонийлар давлати кучсизланади. Бундан Қорахонийлар фойдаланадилар; Ҳарбий юришлар қилиб, улар 998-1011 йиллар даврмида Мовароуннахрни катта қисмини эгаллаб ўз хукмронликларини ўрнатадилар.

XI аср бошларида Қорахонийлар давлати Амударёдан то Торим дарёсигача бўлган катта худудга эгалик қиладилар. Амударё Қорахонийлар билан Ғазнавийлар ўртасидаги чегара бўлиб қолади. Шу вақтдан, ўзбек аждодларининг этногенетик жараёни тараққиёти иккинчи босқичга ўтади.

Қорахонлилар Мовароуннахрни эгаллагандан кейин бу худудда Еттисув, Шарқий Туркистоннинг ғарбий минтақаларидан, Сирдарё бўйларидан қабилалар, айрим этник гурухларнинг к°чиб келиши жадаллашади. XI аср бошларидан то шу асрнинг 40-йилларигача Мовароуннахр худудида қарлуқ, чигил, халач, арғу, туғси, туркеш ва бошқа қабилаларнинг салмоғли қисми кўчиб ўтади. Буларнинг маълум қисми ўз юртларида қолиб Еттисувда ва Шарқий Туркистонда мавжуд б°лган сиёсий ва этник уюшмалар таркибида бўладилар. Сирдарё сохилларида яшовчи қанғли ва қипчоқ қабилаларининг қисмлари хам Мовароуннахрга ва Хоразм вохасига келиб ўрнашадилар. Шундай қилиб, XI асрнинг биринчи ярмидаёқ бу ўлкаларнинг этник таркиби бир мунча ўзгарди: туб ерли туркий ва форс-тожик, хоразмий тилида сўзлашадиган ахоли таркибига туркийзабон қабилаларининг янги гурухлари кириб келади.

Мовароуннахр Сомонийлар даврида, шарқда иқтисодий ва маданий жихатдан энг тараққий этган худуд эди. Бу худуднинг шахар ва қишлоқлари обод бўлган. Жамиятнинг хамма томонларида ислом дини ва шариятлари хукм сурган. Мовароуунахрга кириб келган Қорахонлилар шу етук маданиятга эгалик қилиб, уни давом эттирадилар. Кўчиб келган ярим кўчманчи ва ярим ўтроқ этник гурухлар бўлиб, улар чорвачилик билан бир вақтда дехқончилик билан хам шуғулланадилар. Кейинчалик буларнинг кўпчилиги ўтроқлашиб, шахар ва қишлоқларда турғун ахоли хаётига мослашиб борадилар.

XI асрнинг биринчи ярмиларида Қорахонийлар давлатида ички курашлар кучая боради. Ҳокимят учун кураш охир оқибат давлатни инқирозга олиб келади. XI асрнинг иккинчи ярмида Қорахонлилар давлати икки мустақил давлатга бўлиниб кетади. Шарқий қисмининг маркази Баласағун бўлиб қолади, ғарбий қисмининг маркази Самарқанд бўлади. Шу санадан Қорахонлилар давлати тарихининг учинчи босқичи бошланади.

Ғарбий Қорахонлилар давлати XI-XII асрлар давомида иқтисодий ва маданий жихатдан тараққий этган; Марказлашаган давлат даражасига кўтарилган эди. Бу давлат XI аср охирларида Салжуқларга; XII аср ўрталарида эса Қорахитойларга қарам бўлган бўлсалар хамки ўз давлат тузумининг бутунлигини сақлаб қолган эдилар.

Ғарбий Қорахонлилар давлати ичида ўзбек аждодларининг этногенетик жараёни давом этади. Мовароуннахрга келиб ўрнашган этник гурухлар асрлар давомида бу худудда яшовчи қардошлари билан бирлашиб, улар билан аралашиб борадилар. Туб ерли ахоли таъсирида ярим кўчманчи ва ярим ўтроқликда яшаб келган этник гурухлар ўтроқлашиб дехқончилик, хунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланадилар. Уларнинг фақат оз қисми дехқончилик билан бир вақтда анъанавий чорвачиликларини давом қилиб келганлар.                Мовароуннахр худудидаги туркий халқларнинг ўзаро яқинлашиб, қоришиб бориши натижасида худуд ахолиси ўртасида иқтисодий ва маданий умумийлик қатъийлашади. Умум элат тили ва адабий тил шаклланади. Мовароуннахр ва унга туташган минтақаларда яшовчи барча туркийзабон ахоли бир халқ (элат) бўлганлиги онг сезимида буткул °рнашиб қолади. Элат шаклланишидаги барча этник аломатлар ўз маромига етиб, ўзбек аждодларининг элат бўлиб шаклланиш жараёни охирлашади. Аммо бу билан этногенетик жараён тўхтаб қолмайди. Кейинги босқичларда у яна хам такомиллашиб боради.

Юқорида айтганларимизда хулоса қилиб айтмоқчимизки, ўзбекларнинг илк аждодлари Мовароуннахр вагунга туташ минтақаларда маданиятлари бир-бирларига яқин, икки тилда сўзлаашувчи қардош ўзбек ва тожик халқлари элат бўлиб шаклланган. Уларнинг илк аждодлари Мовароуннахрда ва унга чегарадош худудларда қадим замонларда яшаган сўғдийлар, хоразмийлар, бақтрийлар, саклар, тохарларлар, қанғлар ва бошқа халқлар бўлган. Шимолий Хитойда, Сибирь, Еттисув, Шарқий Туркистон, Сирдарё сохилларида антик даврларда ва илк ўрта асрларда мавжуд бўлган туркий қабилалар (хун, усун, нушиби, дулу, туркаш, қарлуқ, чигил, халач, яғмо ва бошқ.) хам ўзбек аждодларининг этногенетик жараёнида мухим ўрин эгаллаган. Тилга олинган халқлар ва қабилаларнинг кўпчилиги ўрта асрлар давомида элат бўлиб шаклланган туркман, қозоқ, қирғиз ва қорақалпоқ халқларининг хам этник тарихида жуда катта роль ўйнаган. Демак, Марказий Осиёда яшовчи барча халқлар асрлар давомида этник жихатдан бир-бири билан яқин алоқада, қавм-қариндош бўлиб келганлар.

Шундай қилиб, IX-X асрлар давомида шаклланган ўзбек элатининг ўзаги туркий элатларнинг форс-тожик тилли ахоли билан асрлар давомида арлашиб, қоришиб кетишидан ҳосил бўлган. XI-XII асрларда ўзбек элатининг таркибида туркий компонентлар кўпаяди ва унинг ривожланиши асосан туркий компонентлар асосида ўтади. Шу асрлар давомида барча этник кўрсаткичлар мажассамлашади, ўзбек аждодларининг алохида жамоа (элат) бўлиб шаклланиши нихоясига етади. Шаклланган ўзбек элатининг тараққиёти кейинги асрларда хам давом этади.                                     

 

Категория: Tarix | Добавил: azizjon_ibragimov (10.06.2016)
Просмотров: 2168 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar